Jump to content

Декадентлик

From Vikipediya

Декадентлик (лотинча: деcсдентис – таназзул) – 19—20-асрларда Европа маданиятидаги инқирозий ҳолатни умумий тарзда ифода этган ном. Таназзулга юз тутишлик, умидсизлик кайфияти, ҳаётдан безишлик, ёлғизланиб қолганлик каби ҳиссиётларда ўз аксини топган. Д.ка хос бир қатор хусусиятлар модернизмга ҳам хосдир. 19-аср охири – 20-аср бошларида рўй берган жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар, инқилобий жараёнларнинг етилиши ижтимоий воқеликда зиддиятларни кучайтирди. Эскилик ва янгилик ўртасидаги кураш авж олди. Бундай ҳолатни кўрган айрим маданият, ходимлари, ижодкорлар тарих, табиат, инсон таназзулга юз тутмоқда, деган фикрга келдилар. Улар ўз асарларида ана шу таназзул, инқироз сабабларини, инсон бошига тушган ташвишлар, қийинчиликларни акс эттиришни мақсад қилиб қўйдилар. Натижада санъат соҳасида модернизмнинг янги йўналиши Д. пайдо бўлди.

Декадентлар мураккаб ва қарамақарши ҳодисаларни тарихни бузувчи куч, деб қарадилар. Улар инсонни жамиятдан, сиёсатдан ва б. жараёнлардан холи бўлган табиатли индивид сифатида баҳоладилар. Шунда инсон ҳеч бир жамиятга қарам бўлмаган озод инсонга айланади. Бошқача айтганда, индивид эстетикасининг ажралмас қисми сифатида шахс эркинлиги вужудга келади. Д. эстетикасидаги бу қараш санъат, адабиёт ва ижодий жараёнга муносабатда ҳам ўзига хосликни юзага келтирди. Декадентлар адабиётни сиёсатдан холи қилиш ғоясини илгари сурдилар ва буни ижод эркинлиги деб ҳисобладилар. Шу боис Д. санъаткорлари асарларидаги инсон кўпроқ индивид сифатида намоён бўлади, улар қаҳрамонларининг шахсий хусусиятлари, ҳаёти тафсилотлари бўртиб кўзга ташланади.

Д. дастлаб франсуз адабиётида яққол намоён бўлган. „Лаънати шоирлар“ деб ном қозонган П. Верлен, А. Рембо, С. Малларме каби шоирлар етакчилик қилган символизм оқимига Д. ниҳоятда кучли таъсир этди. Кейинчалик П. Валери, П. Клодел, П. Фор ва б. асарларида ривожлантирилди. О. Уайлд (Англия), М. Метерлинк (Белгия), Р. Рилке (Австрия), М. Пруст (Франсия) каби 20-асрнинг 80—90-йиллари адиблари ижодида ҳам акс этди.

Италияда Д. лирик шоир Ж. Пасколи шеъриятида кўзга ташланади. Унинг ижоди учун мистик кайфият, символизм билан ҳамоҳанглик хос. 1900-йилларда Д. таъсирида Италияда куч-қудратга сиғинишлик ва уруш олдидаги қўрқув кайфиятидаги янги оқим пайдо бўлади (Г. Гоцсано, М. Моретти, Ф. Мартини ва б.). Д. бошқа қатор мамлакатларга ҳам ёйилади. Мас, Германияда шоир С. Георге тўгараги пайдо бўлали. Бу тўгарак аъзолари ижодида Ницше ғоялари руҳидаги афсонавийлик ҳиссиёти устунлик қилади. Россияда Д. символизм оқимига мансуб шоирлар ижодида ўз аксини топади, лекин булардаги Д. экспрессионизмга анча яқинлашиб келади.

Ҳаётдан қониқмаслик, унинг аччиқ сабоклари, ёмонликларга қарши тинимсиз кураш, мавжуд талабга жавоб бермайдиган нарсаларни рад қилиш каби декадентларга хос бўлган хусусиятлар ҳозирги ҳам жаҳон адабиётида ўз ифодасини топмоқда.